АҚШ ҳарбий разведкаси: Россия яқин йилларда Қўшма Штатларнинг асосий рақиби бўлиб қолади

Россиянинг стратегик ядровий сувости кемалари

АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси Сенатда тингланиши учун 2021 йилдаги глобал таҳдидлар тўғрисида ҳисобот тайёрлади.

Сенатнинг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитаси сайтида ёйинланган ҳисоботда асосий эътибор Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига Хитой ҳамда Россия томонидан бўладиган хавф-хатарга қаратилган.

Ҳужжатда дунёнинг “глобал стратегик мусобақа” даврини кечираётгани, унда Хитой билан Россия АҚШнинг ҳарбий устунлигига қарши ўз чора-тадбирларини кўраётгани айтилган.

Бу ерда ҳарбий тадбирлардан ташқари, прокси-қўшинлар ва ёлланма аскарлардан фойдаланиш, киберҳужумлар, ахборот билан манипуляция қилиш, рақибларнинг иқтисодий қудратига путур етказиш сингари ҳаракатлар хусусида сўз борган.

Россия қуролли кучлари ҳужжатда АҚШ мавжудиятининг ўзига потенциал таҳдид ўлароқ кўрилган.

“Москва АҚШ билан НАТОни ўз хавфсизлиги, геосиёсий амбициялари ва ҳозирги ҳукмрон режимига таҳдид, деб билади. Москва тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочган ҳолда, Ғарб билан мусобақалашиш учун турли-туман воситаларни ишга солмоқда”, дейилган ҳисоботда.

Ҳужжатда яқин йилларда Россия ядровий қудратини ошириши айтилган. Шунингдек, мамлакат асабларни фалажловчи “Новичок” моддаси каби эълон қилинмаган кимёвий қурол захирасига эгалик қилиши мумкинлиги қайд этилган.

Таъкидланишича, Россия Тоғли Қорабоғ ҳамда Беларусни тўғридан-тўғри босиб олишга жазм қила олмаган бўлса-да, бошқа усуллар орқали минтақада таъсирини сақлашга интилмоқда. Жумладан, Қорабоққа рус тинчликпарвар кучларининг жойлаштирилиши Москванинг Кавказда таъсир кучи ортиши ўлароқ баҳоланган.

Ҳарбий куч билан таҳдид қилиш Россиянинг Украинага ўз таъсирини ўтказиш қуроли бўлиб қолаётир.

Ҳисобот муаллифлари хулосасига кўра, Россия Қўшма Штатлар билан очиқ тўқнашувдан манфаатдор бўлмаса-да, конфронтациядан воз кечмайди. “Кремль Вашингтон билан ўчакишмасликка ҳаракат қилиши эҳтимоли юқорироқ, бироқ АҚШ унинг ички ишларига аралашаётганига ёки стратегик манфаатларига хавф солаётганига ишончи комил бўлган тақдирда, бу ишдан тоймаслиги мумкин”, дейилган ҳисоботда.

Ҳужжатда Россиянинг ўз қўшнилари ва НАТОга аъзо мамлакатлар ички сиёсатига аралашишга уринишларига, шунингдек коронавирус эпидемияси манзарасида Ғарбга қарши амалга оширган ахборот хуружларига алоҳида ўрин берилган.