АҚШ ҳукумати Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги тарангликни юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни олқишлади

Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинов (ч) ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен (ў)

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Тожикистон ва Қирғизистон ўртасида кескинликни юмшатиш, чегараларни демаркация қилиш ва икки мамлакатнинг ўзаро муаммоларини тинч йўл билан ҳал этиш чораларини излашга қаратилган саъй-ҳаракатларни дастаклади, дея хабар қилди Озодликнинг тожик хизмати.

Давлат департаменти маълумотига кўра, Блинкен тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддинов билан телефон орқали мулоқотида 29-30 апрель кунлари тожик-қирғиз чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувлар қурбонларининг қариндошларига таъзия билдирган. Ўша отишмаларда икки тарафдан ўнлаб одам нобуд бўлганди.

Тожикистон ва АҚШ ташқи ишлар вазирликларига кўра, Сирожиддин Муҳриддинов билан Энтони Блинкен ўртасида телефон орқали мулоқот 1 июнь куни ўтказилган. АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс мулоқот чоғида Энтони Блинкен ўз мамлакати бундан буён ҳам Тожикистоннинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини дастаклашини айтгани ҳақида маълум қилган.

Унга кўра, жаноб Блинкен Сирожиддин Муҳриддинов билан суҳбатда минтақавий хавфсизлик соҳасида етакчилиги, Афғонистон билан тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлагани ва терроризмга қарши курашдаги доимий ҳамкорлиги учун Тожикистонга миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби минтақавий интеграция, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларининг барча учун муҳимлигини урғулаган.

Тожикистон ТИВ Ахборот департаменти хабарномасида айтилишича, сўзлашув чоғида томонлар сиёсий ва иқтисодий соҳалардаги икки томонлама алоқалар, минтақадаги вазият ҳамда CPVID-19 тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирлари каби масалалар юзасидан фикр алмашишган.

Қўшма Штатлар 29 йиллик ҳамкорлик мобайнида Тожикистонга хусусий сектор, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, демократик ўзгаришлар ва хавфсизлик соҳаларида юзлаб миллион долларлик ёрдам кўрсатган.

АҚШ ҳукумати Тожикистонда чегара ўтказиш масканларини қуриш ва реконструкция қилишга ўз ҳиссасини қўшиб, мамлакатга ҳарбий техника ва транспорт воситаларини тақдим этган.