Президент Мирзиёев АҚШ ва Индонезия президентларига таъзия билдирди

"Иэн" тўфони оқибатида аҳолига катта миқдорда зарар етди.

Президент Шавкат Мирзиёев АҚШда юз берган «Иэн» тўфони оқибатида одамлар ҳалок бўлгани муносабати билан президент Жо Байденга ҳамдардлик билдирди.

«Давлатимиз раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади», — деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

АҚШнинг Флорида ва Шимолий Каролина штатларида юз берган «Иэн» тўфони оқибатида 77 киши ҳалок бўлди ва ўн мингдан кўпроқ киши бедарак йўқолди.

2 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Индонезия президенти Жоко Видодага ҳам таъзия йўллади.

Шавкат Мирзиёев Индонезиянинг Маланг шаҳридаги ‘Канжурахан’ футбол стадионида юз берган тартибсизликлар натижасида вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганлар тез орада шифо топишини тилади.

Сўнгги хабарларга қараганда тартибсизликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 174 кишига етди. Яна 11 кишининг аҳволи оғир экани айтилмоқда.

Индонезиянинг Arema ва Persebaya Surabaya футбол жамоалари 1 октябрда ўтказган учрашувда Arema 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Бундан норози бўлган жамоа ишқибозлари футбол майдонига югуриб чиқишган ва талотумда кўплаб кишилар оёқ остида қолиб кетишган. Полиция тартиб ўрнатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ қўллади. Бунинг оқибатида вазият янада мураккаблашган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар, болалар, икки полициячи ҳам бор.