АҚШ давлат котиби Исроилни Ғазонинг тинч аҳолиси хавфсизлигини таъминлашга чақирди

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Исроилни ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиётни қайта бошлаш олдидан Ғазо аҳолиси учун “хавфсизлик зоналари”ни ташкил этишга чақирди. ҲАМАС АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

Блинкен 30 ноябрда Исроил ҳукумати расмийлари билан Тель-Авивда ўтказилган музокаралардан сўнг журналистларга берган интервьюсида: “Исроил мутлақо айбсиз бўлган фаластинликлар орасида яна қурбонлар бўлмаслигини таъминлаши шарт”,- деб билдирди. Блинкеннинг айтишича, Исроил ҳукумати АҚШнинг бу позициясини қабул қилган.

Исроил армияси 1 декабрда Ғазода АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт қайта бошланганини расман маълум қилди. Исроил ҲАМАСни оташкесим шартларини бузганликда ва Исроил ҳудудига ўт очганликда айблади.

Расман билдирилишича, Исроил армияси айни пайтда ҲАМАСнинг Ғазодаги объектларига самолётлар ва артиллерия воситасида зарба бермоқда.

Бу билан 24 ноябрдан 30 ноябргача давом этган оташкесим якунланди. Ғазодаги оташкесим давомида, ўзаро келишувга мувофиқ, ҲАМАС 70 нафардан кўпроқ аёл ва болани гаровдан бўшатди, Исроил эса 200 дан ортиқ фаластинлик аёл ва ўсмирни қамоқлардан озод қилди.

Энтони Блинкен ҲАМАС-Исроил уруши бошланган 7 октябрдан бери уч марта Яқин Шарққа сафар қилди. Унга кўра, АҚШ Исроилнинг ўз хавфсизлигини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади, шу билан бир қаторда Ғазодаги тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш шарт, деб ҳисоблайди.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Блинкен билан музокаралардан сўнг ёйинлаган видеосида “Биз ҲАМАСни йўқ қилишга онт берганмиз ва бизни ҳеч ким бу аҳдимиздан қайтара олмайди”, - деб билдирди.