Жорий йилнинг 30 ноябридан Исроил фуқароларига АҚШга келиш учун виза талаб қилинмайди. Бу тўғридаги маълумот АҚШ Давлат департаменти расмий сайтида 27 сентябрь куни эълон қилинди. Исроил АҚШ визасиз режим дастурига киритилган 41-давлат бўлди.
Биометрик паспортга эга бўлган исроилликлар АҚШда 90 кунгача туристик ва амалий сафар билан визасиз бўлиши мумкин. Лекин улар самолётга чиқишдан олдин ESTA электрон тизимидан рўйхатдан ўтиши ва 72 соат ичида самолётга чиқиш учун рухсатномага эга бўлиши шарт.
Ўз навбатида АҚШ Исроилдан ўз фуқароларини, жумладан, Ғарбий соҳилда ва Ғазода истиқомат қилувчи Америка паспортига эга фаластинликларни мамлакатга тўсиқсиз киритишини кутмоқда. Бу ҳақда АҚШнинг Исроилдаги элчиси Стефани Халетт маълум қилди. Ҳозирда Исроил махсус хизматлари кўп ҳолатларда уларни мамлакатга киритмаяпти.