АҚШ “Касперский лабораторияси” маҳсулотларини тақиқламоқчи

Евгений Касперский (архив сурати)

Жо Байден маъмурияти АҚШ ширкатлари ва фуқароларига “Касперский лабораторияси” (“Лаборатория Касперского”) АЖнинг дастурий таъминотидан фойдаланишни ман қилиш ниятида. Бу ҳақда CNN телеканали АҚШ расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр манбаларига кўра, АҚШ Савдо вазирлиги Россия ширкати ва америкалик харидорлар ўртасидаги муайян транзакцияларни тақиқлаш бўйича дастлабки қарорни қабул қилган.

Қўшма Штатлардаги давлат муассасаларига “Касперский лабораторияси” маҳсулотларидан фойдаланишга тақиқ мазкур фирманинг Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) билан ҳамкорлик қилаётганига оид гумон асосида 2017 йилда жорий этилган. “Касперский лабораторияси”нинг оммабоп антивирус дастурларини АҚШда тақиқлашга оид қарор Қўшма Штатлар ҳукумати томонидан аввалда мисли кўрилмаган қадам бўлади.

Бундай қарорнинг асосий сабабларидан бири АҚШнинг критик инфратузилмаси хавфсизлиги борасидаги хавотирлар бўлиб ҳисобланади, дейишган CNN суҳбатдошлари. Қарор лойиҳасида ўтган йили чиқарилган антивирус дастури эслатилган. Вазирлик тақиқ тўғрисида якуний қарор ҳали қабул қилганича йўқ. Агар бундай қарор қабул қилинса, Россия фирмасида қарор устидан судга шикоят қилиш имконияти бўлади.

“Касперский лабораторияси” антивирус дастурий таъминотини ишлаб чиқарувчилар орасида дунёдаги етакчи фирмалардан бири бўлиб ҳисобланади. Унинг асосчиси Евгений Касперский СССР Давлат хавфсизлиги қўмитаси (КГБ) Олий мактабининг техник факультети битирувчисидир. АҚШ нашрларининг ёзишича, 2015 йили россиялик ҳакерлар “Касперский лабораторияси” дастури ёрдамида АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг махфий файлларини ўғирлаган бўлишлари мумкин. Россия фирмаси бу айбловларни рад этган.

АҚШ Савдо вазирлиги ва “Касперский лабораторияси” вакиллари бу маълумот юзасидан изоҳ беришдан бош тортишган.