АҚШ: Кентуккилик сенатор Украинага 40 млрд доллар ёрдам тезлаштирилган тартибда ажратилишини тўхтатиб қолди

Рэнд Пол

АҚШ Конгресси Сенати Украинага 40 миллиард доллар ёрдам ажратишга доир қонун лойиҳасини тезлаштирилган тартибда қабул қилиш масаласида келишувга эриша олмади. Тезлаштириш тартиб-таомили республикачи сенатор Рэнд Пол томонидан тўхтатилди. У қонун лойиҳасига харажатлар федерал нозир томонидан аудит қилинишига оид банд киритишни талаб қилди.

Қонун лойиҳаси Конгресс қуйи палатаси томонидан 10 май куни 357 та овоз билан (қаршилар сони 57 нафар) қабул қилинган. АҚШ президенти Жо Байден Украина учун 33 миллиард сўраган бўлса, конгрессменлар таклиф қилинган суммани қарийб 40 миллиардга оширганлар.

Бу маблағ ажратилиши учун қонун Сенатда маъқулланиши ва президент томонидан имзоланиши лозим. Сенаторлар уни шу ҳафтадаёқ қабул қилишни режалашган эди, чунки аввал ажратилган маблағ 19 майда тугайди. Бироқ Пол лойиҳа матнига 40 миллиард доллар нималарга сарфланишини назорат қилувчи махсус инспектор тайинлаш назарда тутилган банд киритишни талаб қилди.

Шу билан ҳужжатни овозга қўйиш яна бир неча кунга кечикиб, келаси ҳафтада ўтказилади. Пол якка ўзи унинг қабул қилинишига тўсиқ бўла олмайди. Бироқ матнга бирон ўзгартиш киритилган тақдирда, ҳужжат қуйи палата қайтадан кўриб чиқиши учун Конгрессга қайтарилиши лозим.

Маблағ тезлаштирилган тартибда ажратилишини тўхтатиб қолган сенатор Украинага кўмаклашишни истамасликда айбланган, аммо у буни инкор этмоқда. “40 миллиард долларни бериб, у қандай сарфланишидан бехабар қолиш оқилона иш эмас. Мен чет мамлакатга эмас, балки АҚШ Конституциясига қасамёд қилганман”, деган Рэнд Пол.