АҚШ Конгресси 1,6 триллион долларлик федерал бюджетни тасдиқлади

АҚШ Конгресси 2024 йили 1,6 триллион доллар миқдорида ҳукуматни молиялаштириш бўйича келишувга эришган. АҚШ президенти Жо Байденнинг Оқ уй сайтида тарқатилган баёнотида эришилган келишув федерал ҳукумат фаолиятини вақтинча тўхтатиб қўйишнинг (шатдаун) олдини олишга имкон бериши айтилган.

Республикачилар ва демократлар ўртасидаги келишув АҚШ бюджетининг юқори чегараси 2024 йили 1,59 триллион долларни ташкил этишини кўзда тутган. Таклиф этилган бюджет мудофаа учун ажратилажак рекорд даражадаги 886 миллиард долларлик ва мудофаа учун мўлжалланмаган 704 миллиардлик харажатларни ўз ичига олади.

Бюджетнинг мудофаага оид қисми мудофаа харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси доирасида президент Байден томонидан ўтган ойда имзоланган эди.

Ноябрь ойида президент Байден 2024 йил 19 январигача ҳукуматни вақтинча молиялаштириш тўғрисида конгресс томонидан қабул қилинган қонунни имзолаган эди. Мазкур қонунга Украина, Исроил ва Тайванга ёрдам харажатлари киритилган эмас — бу масала алоҳида кўриб чиқилмоқда. Бу мақсадлар учун 106 миллиард доллар, шу жумладан Украинага ҳарбий ёрдам тариқасида 61 миллиард доллар маблағ кетиши режаланмоқда.

Республикачилар бошқа мамлакатларга ёрдам масаласига розилик беришлари эвазига чегараларни қўриқлаш кучайтирилишини талаб қилишмоқда.