АҚШ давлат котиби ёрдамчисининг Тошкентга келиши кутилмоқда

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу 4 ноябрдан 11 ноябргача давом этадиган сафари доирасида Ўзбекистонга келади. Лу 5 ноябрда Қозоғистонда бўлган. У Ўзбекистондан сўнг Ҳиндистонга сафар қилиши режалаштирилган.

АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, Лу сафаридан мақсад Нью-Йоркда ўтган C5+1 саммитида эришилган келишувларни мустаҳкамлашдир. АҚШ президенти Жо Байден 19 сентябрь куни илк маротаба Марказий Осиё давлатлари лидерлари билан ўтказилган мазкур қўшма саммитни “тарихий воқеа” деб баҳолаганди.

АҚШ Давлат департаменти сайтида қайд этилишича, Дональд Лу Тошкентда ҳам Остонада бўлгани каби юқори лавозимли мансабдорлар ҳамда инсон ҳуқуқи ҳимоячилари билан учрашади. Учрашувларда АҚШ билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, савдо ва инвестициялар масаласини муҳокама қилади.

“Қозоғистонга ва Ўзбекистонга борган АҚШ делегацияси Вашингтон бу икки мамлакатнинг суверенитети, ҳудудий яҳлитлиги ва мустақиллиги масаласида собит фикрда эканини яна бир бор тасдиқлайди”, дейилади хабарда.

Дональд Лу Ўзбекистондан Ҳиндистонга йўл олади. У ерда Лу Ҳиндистон ва АҚШ вазирликлари ўртасида ўтадиган 2+2 саммитига тайёргарлик ишларини муҳокама қилади.