Reuters: АҚШ Молия вазирлигига қарши ҳакерлик ҳужуми уюштирилди

Хорижий давлатлар расмийлари томонидан дастакланган ҳакерлар АҚШ Молия вазирлиги ҳамда интернет дохил телекоммуникация соҳасини тартибга солиш билан шуғулланувчи федерал агентликнинг ички электрон ёзишмаларини қўлга киритишга муваффақ бўлишган. Бу ҳақда Reuters агентлиги ўз манбаларидан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар тарқатди.

Қайд этилишича, Россияга алоқадорлиги тахмин этилган ҳакерлар АҚШдаги бошқа давлат идоралари (қайси идоралар эканига аниқлик киритилган эмас) серверларига ҳам суқилиб кирганига оид хавотирлар бор.

Миллий хавфсизлик кенгаши вакиллари ҳакерлик ҳужуми ҳақида маълумотга эга эканлари ва “барча зарур чоралар кўрилаётгани”ни билдирганлар. Айни пайтда ҳужум фактига оид маълумот тасдиқланган ҳам, рад этилган ҳам эмас. Бироқ, Reuters хабарига кўра, Молия вазирлигига ҳужум юзасидан Миллий хавфсизлик кенгашининг махсус йиғилиши ўтказилган.

Ҳужум ортида айнан қайси давлат тургани ҳозирча номаълум. Бу ҳужум ортида бирор давлат турганига аниқ, чунки, манбаларга кўра, ҳужум жуда юқори техник даражада амалга оширилган.

Аввалроқ АҚШ ўз телекоммуникация ва ахборот инфратузилмасига ҳужумда ҳакерлик ҳужуми уюштирганликда турли мамлакатлар – Россия, Эрон, Хитой ва Шимолий Корея кабиларни айблаган.

Бир неча кун аввал киберхавфсизлик соҳасида жаҳонда етакчи компаниялардан бири бўлган АҚШнинг FireEye ширкати ҳакерлар хуружига учрагани ҳақида хабар қилинганди.