АҚШ Нукус воқеалари бўйича хавфсизлик кучлари вакилларининг жавобгарлигига оид чақириғини такрорлади

Нукус воқеалари бўйича Бухоро вилояти судида олиб борилган маҳкамадан лавҳа (архив сурати)

Нукус воқеаларида айбланган шахсларга нисбатан суд ҳукми эълон қилиниши ортидан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси расмий Тошкентни яна бир марта мамлакат қонунчилигини бузган куч ишлатар тузилмалар ходимларини жавобгарликка тортишга чақирди.

“Июл ойида Қорақалпоғистонда содир бўлган фожиали воқеалар билан боғлиқ ҳаракатларда айбланган 22 кишига оид суд ўз ниҳоясига етар экан, АҚШ элчихонаси ҳукуматни жамоатчилик шаффофлиги бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва Ўзбекистон қонунчилигини бузган ҳар қандай хавфсизлик кучлари ходимларини жавобгарликка тортишга чақиришда давом этади”, дейилган элчихонанинг 31 январь куни тарқатилган баёнотида.

Сешанба куни Бухоро вилояти судида Қорақалпоғистонда ўтган йилнинг 1-2 июль куни содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.

Мазкур суд бошланган ноябрь ойи охирида ҳам АҚШ элчихонаси баёнот билан чиққанди.

“Биз ҳукуматни ижтимоий шаффофлик бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ва хавфсизлик кучлари ходимлари Ўзбекистон қонунчилигини бузган тақдирда уларни жавобгарликка тортишга ундаймиз”, дейилганди америкалик дипломатлар томонидан 2022 йил 28 ноябрида эълон қилинган баёнотда.

АҚШдан ташқари Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган.

Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.