АҚШ президенти Жо Байден 3 май куни Алабама штатидаги Lockheed Martin концернига қарашли қурол-аслаҳа заводига борган. Бу корхонада жумладан танкка қарши Javelin ракеталари ишлаб чиқарилади. Қўшма Штатлар сўнгги пайтларда бу каби ракеталарни Россия армиясига қарши ўзини мудофаа қилаётган Украинага етказиб бермоқда.
“Америка овози” хабарига кўра, завод ишчилари олдида нутқ сўзлаган АҚШ президенти уларга хавфсизлик соҳасида ўз маъмурияти томонидан Украинага кўрсатилаётган кўмак ҳақида гапириб берган ҳамда бу ёрдамнинг кўрсатилишида бевосита иштирок этаётган корхона ишчиларига миннатдорлик билдирган.
Оқ уй раҳбари Украинанинг Россия хуружига қарши курашда америкаликлар, шу жумладан Алабамадаги завод ишчилари ўйнаётган муҳим ролга урғу берган. 600 чоғли одам ишлаётган мазкур завод сўнгги 20 йил ичида 50 мингдан зиёд Javelin ракеталарини ишлаб чиқарган.
Ўз чиқишида Байден Конгрессни президент томонидан таклиф этилган Украинага кўрсатилажак 33 миллиард долларлик ёрдам пакетини маъқуллашга чақирган.