АҚШ Украинага яна 460 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратди

Қўшма Штатлар Украинага яна 460 миллион долларлик ҳарбий ёрдам ажратгани тўғрисида АҚШ Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

Янги ёрдам Bradley зирҳли машиналари, радиолокация тизимлари, Javelin тизими ва унинг снарядлари, HIMARS тизими снарядлари, Claymore миналари ҳамда замбараклар учун снарядлардан иборат бўлади.

Бундан ташқари АҚШ Украинага тунги кўриш мосламалари, алоқа воситалари, дори-дармонларни ва ҳарбий техника учун эҳтиёт қисмларни етказиб беради.

АҚШ Украинада уруш бошланган бир йил ичида Киевга жами 29,8 миллиард долларлик қурол етказиб берди.

Қўшма Штатлар президенти Жо Байден 20 февраль куни олдиндан эълон қилинмаган сафар билан Киевга келган эди. У президент Зеленский билан учрашувида АҚШ Украинага “ўта зарур бўлган қуролларни”, жумладан, артилерия снарядлари, танкларга қарши тизимлар ва ҳаводан мудофаа тизимларини беришини билдирган.