АҚШ, Россия ва бошқа давлатлар ядровий урушга йўл қўймаслик ҳақида баёнот тарқатишди

Хиросимадаги атом бомбаси портлаши (архив сурати)

БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш беш давлат, жумладан, АҚШ ва Россия ядровий урушнинг олдини олиш ва қуролланиш пойгасига йўл қўймаслик ҳақида қўшма баёнот билан чиқди.

Баёнот матни Оқ уй ва Кремль сайтларида эълон қилинган. Унда айтилишича, Россия, АҚШ, Франция, Британия ва Хитой ядро арсеналига эга мамлакатлар сифатида “ядровий қуролга эга давлатлар ўртасида уруш чиқишига йўл қўймасликни ҳамда стратегик хавфларни камайтиришни ўзларининг бирламчи вазифаси деб ҳисоблайди”.

Баёнотда қуролсизланиш бўйича совет-америка музокараларида қўлланилган ушбу машҳур ибора такрорланган: “Ядровий урушда ғолиб бўлмайди ва у ҳеч қачон бошланмаслиги керак”.

Томонлар икки томонлама ва кўптомонлама шартномалар ҳамда қуролларни тарқатиш ва назорат қилиш, қуролсизланишга доир мажбуриятларга амал қилиш муҳимлигини ҳам урғулашган.

“Биз муқаддам берган баёнотларимизнинг долзарблигини ва бизнинг ядровий қуролларимиз бир-биримизга ёки бошқа исталган давлатга қаратилмаганини яна бир карра тасдиқлаймиз”, дейилган ҳужжатда. Унда “ўзаро ҳурмат, бир-бирининг хавфсизлик соҳасидаги манфаатлари ва хавотирларини тан олиш асосида конструктив мулоқот” олиб бориш мажбурияти ҳақида гап борган.

Россия Ғарбдан талаб қилаётган хавфсизлик кафолатлари, жумладан, Украинани НАТОга қабул қилмаслик шартини ҳам ўз ичига оладики, Путин буни Украинага Америка ядровий ракеталари жойлаштирилган тақдирда уларнинг Москвага етиб бориш муддати 5-7 дақиқагача қисқариши билан изоҳлаган. Бироқ АҚШ Украинага ўз ракеталарини жойлаштирмоқчи экани ҳақида ҳеч қачон баёнот берган эмас.

Путин иддаосига кўра, Россия қатор замонавий қуроллар, хусусан ядровий қуролни ташувчи гипер товушдан тез учар ракеталар яратиш бўйича АҚШни ортда қолдирмоқда.