АҚШ Сенати Беларусда инсон ҳақларини ҳимоя қилишга оид қонун лойиҳасини маъқуллади

Минскда Лукашенко режимига қарши ўтказилган пенсионерлар акциясидан лавҳа, 2020 йил октябри

АҚШ Сенати “Беларусь суверенитети, демократия ва инсон ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.​ Ҳужжат президентга Беларусда 2020 йили бўлиб ўтган президент сайловида сохталаштиришларга йўл қўйган ва норозилик намойишлари иштирокчиларига нисбатан куч ишлатган Минск расмийларига қарши санкциялар жорий қилиш бўйича қўшимча ваколатлар беради.

Мазкур қонун лойиҳаси аввалроқ Намояндалар палатаси (қуйи палата) томонидан маъқулланган. У олдинги йилларда Беларусда демократияни ҳимоя қилишга оид бир нечта қонун лойиҳасини ҳозирлаган республикачи конгрессмен Кристофер Смит томонидан тақдим этилган. Ҳам республикачи, ҳам демократ депутатлар томонидан дастакланган бу ҳужжат кучга кириши учун эндиликда президент Дональд Трамп томонидан имзоланиши керак.

Лойиҳада санкциялар фақат беларусликларгагина қарши эмас, балки “Беларусдаги сиёсий қатағонлар билан боғлиқ равишда ОАВ таъқиб қилиниши ва инсон ҳақлари бузилишида иштирок этган” россияликларга қарши ҳам киритилиши мумкинлиги қайд этилган.

Беларусда шу йил август ойидан буён президент сайловининг расмий натижалари ва Александр Лукашенко ҳокимиятига қарши оммавий норозилик чиқишлари бўлиб ўтмоқда.

Ғарб мамлакатларидан фарқли равишда расмий Москва Лукашенкони Беларуснинг легитим президенти ўлароқ тан олган ва уни дастаклаб келяпти. Аввалроқ Россиянинг айрим оммавий ахборот воситалари, хусусан RT Беларусда воқеаларни Лукашенкога тарафдорлик позициясида туриб ёритаётган маҳаллий ОАВга кўмак кўрсатаётгани айтилганди.