АҚШ Сенати Россия президенти Путинга қарши санкциялар ҳозирлади

АҚШ Сенатидаги демократлар Москва Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаган тақдирда Россиянинг президент Владимир Путин дохил юқори мартабали расмийлари, шунингдек муҳим банк тузилмаларига нисбатан татбиқ этилажак санкцияларга оид қонун лойиҳасини тақдим этишди.

Лойиҳада, Россия Украинага тажовуз қилган тақдирда, Путинга АҚШга келишни тақиқлаш ва унинг Қўшма Штатлардаги активларини “музлатиш” таклиф қилинган. Айни чора Россия бош вазири, ташқи ишлар ва мудофаа вазирларига, шунингдек Вашингтон ҳарбий агрессияга алоқадор деб топган барчага нисбатан татбиқ этилади. Бундан ташқари, Россия президентининг қариндошлари ва унга яқин тадбиркорларга ҳам санкция қўллаш назарда тутилган.

Ҳужжатга кўра, Россиянинг камида учта энг йирик банки АҚШ санкцияларига дучор бўлиши мумкин. Шунингдек, Россия ташқи қарзи ва “Шимолий оқим-2” газ қувурига нисбатан ҳам чекловлар жорий этиш белгиланган.

Қонун лойиҳасида айтилишича, Россия тажовузга қўл урган тақдирда, АҚШ Украинага ҳарбий ёрдамини оширади.

“Мазкур қонун лойиҳаси Кремль Украинага қайта бостириб кириш билан таҳдид қилаётган пайтда АҚШ Сенати қўл қовуштириб ўтирмаслигига очиқ ишорадир”, деган ҳужжатни ишлаб чиққан гуруҳ раҳбари сенатор Роберт Менендес.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакилига кўра, “қонун лойиҳаси, агар Кремль қўшни мамлакатга бостириб кириш режасидан воз кечмаса, Россия иқтисодиётига жиддий зарар етказади”.