АҚШ: Техасдаги мактабга ҳужумда камида 14 бола ва ўқитувчи нобуд бўлди

АҚШнинг Техас штатига кирувчи Ювалде шаҳридаги бошланғич мактабда амалга оширилган қуролли ҳужумда камида 14 нафар бола ва бир ўқитувчи ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумда гумон қилинган шахс полиция томонидан отиб ўлдирилган, дея хабар қилди CBS.

Ҳодиса 24 май куни содир бўлган. Техас губернатори Грег Эбботга кўра, ҳужумчи бинога қўлида тўппонча ва муҳтамалан милтиқ билан бостириб кирган. Бу мактабда 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган болалар ўқийди. Гумонланувчи Сальвадор Рамос 18 ёшда бўлган. Ювалделик бу йигитнинг бир ўзи ҳаракатлангани айтилмоқда. Ҳужумчини бу ишга нима ундагани ҳозирча маълум эмас.

Содир бўлган воқеа ҳақида АҚШ президенти Жо Байден хабардор қилинган. Қурбонлар сони бўйича кечаги воқеа Техас штати тарихида энг қонли воқеалардан бири бўлган. 1966 йили Техас университети минорасида узилган ўқлардан 16 киши ҳалок бўлган эди. 2018 йили Санта Федаги ўрта мактабга қилинган ҳужумда эса 10 киши нобуд бўлган.