АҚШ Тожикистонга 1,5 миллион доза Moderna вакцинасини тақдим этди

Қўшма Штатлар COVAX дастури доирасида Тожикистонга COVID-19 га қарши 1,5 миллион доза Moderna вакцинасини тақдим қилди.

Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, АҚШдан гуманитар ёрдам Душанбега 26 июль тонгида етиб келган.

Вакциналарнинг янги партияси Тожикистонда коронавирусга чалинганлар сони ўсиб бораётган бир пайтда келтирилган.

АҚШнинг Душанбедаги элчиси Жон Марк ўз ўлкасидан келтирилган вакциналар Тожикистонда кўплаб одам ҳаётини сақлаб қолишига ишонч билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда пандемия бошидан бери 14 минг 592 киши коронавирусга чалинган, 117 киши қурбон бўлган.

Кўпчилик мутахассислар эса Тожикистонда коронавирусга чалинганлар ва хасталик туфайли қурбон бўлганлар сони расмий статистикада акс этганидан анча кўп, деб ҳисоблашади.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 август куни АҚШдан 3 миллион доза вакцина келишини билдирган эди.