АҚШ Украина атрофидаги вазият бўйича БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиради

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд

АҚШ ташаббуси билан 31 январь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилиб, унда Россия қўшинларининг Украина билан чегара яқинига жамланиши масаласи муҳокама қилинади.

“Россия 100 мингдан ортиқ аскарини Украина чегараларига келтирган, у Украинага қарши турли беқарорлаштирувчи ҳаракатлар қилмоқда ҳамда бу билан халқаро тинчлик ва хавфсизликка яққол хавф солаётир”, дейилган АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Линда Томас-Гринфилд баёнотида.

АҚШга кўра, Хавфсизлик кенгашига аъзо мамлакатлар фактларни ўрганиши ва Россиянинг Украинага муҳтамал тажовузи халқаро хавфсизлик тизими учун қандай оқибатларни келтириб чиқариши мумкинлигини муҳокама қилиши лозим.

АҚШнинг ташаббусига ҳозирча муносабат билдирмаган Россия бунақа мавзуда Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилишини тўхтатишга уриниши мумкин. Бироқ, Wall Street Journal газетаси маълумотига кўра, Қўшма Штатлар Кенгашнинг камида тўққиз аъзосидан розилик олиб қўйган – бу йиғилиш ўтказилиши учун етарлидир. Ўз навбатида, Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида унинг қарорларига вето қўйиш ҳуқуқига эга.

Қўшма Штатлар Хавфсизлик кенгашидаги очиқ мунозарада Кремль халқаро ҳамжамият қайси томонга рағбат билдираётганини кўриб, Украина билан чегарадаги вазиятни юмшатишга рози бўлишига умид қилмоқда. АҚШ Украина атрофидаги кескинлик масаласини БМТ Бош ассамблеяси кун тартибига ҳам киритмоқчи.