АҚШ Украина уруши туфайли Рамзан Қодиров ва унинг оила аъзоларига қарши санкциялар жорий қилди

Рамзан Қодиров

Россиянинг Украинага босқини манзарасида Қўшма Штатлар Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва унинг оила аъзоларига қарши санкциялар киритмоқда. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги баёнот тарқатди.

Санкция рўйхатига Рамзан Қодировдан ташқари унинг расмий никоҳдаги рафиқаси Медни Қодирова, норасмий хотинлари Фатима Хазуева ва Аминат Аҳмадова, вояга етган қизлари Айшат, Карина ва Табарик ҳамда Чеченистон раҳбарининг қариндоши Турпал-Али Ибрагимов киритилган.

Рамзан Қодировнинг ўзи “Магнитский рўйхати” бўйича инсон ҳуқуқларини бузгани учун 2017 йилдан буён АҚШ санкциялари остида. Чеченистон раҳбарини аввалроқ Канада, Австралия, Европа Иттифоқи, Япония, Швейцария ва Британия ҳам санкция рўйхатига киритган.