АҚШ Украинага 1,3 миллиард долларлик янги ёрдам пакети ажратилганини очиқлади

NASAMS зенит-ракета мажмуаси (иллюстратив сурат)

АҚШ Мудофаа вазирлиги 19 июль куни Украинага 1,3 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакети берилажагини эълон қилди.

Пентагон хабарномасида мазкур пакетга NASAMS русумли тўртта зенит-ракета мажмуаси ва ўқ-дорилари, артиллерия снарядлари, кўчма зенит-ракета мажмуалари учун ракеталар, Switchblade камикадзе дронлари дохил учувчисиз учиш аппаратлари, ёқилғи қуйиш машиналари, портларни ҳимоялаш учун жиҳозлар ҳамда бошқа ҳарбий материал ва жиҳозлар кириши айтилган.

Украинага аввалги ҳарбий ёрдам пакетини АҚШ 7 июль куни очиқлаган эди. Унга илк бор кассетали бомбалар киритилган. Кейинроқ бу бомбалар Украинага етказиб берилгани эълон қилинган, бироқ улардан фронтда фойдаланилиб-фойдаланилмагани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Россия қўшинлари Украинага бостириб кирган 2022 йил февралидан буён АҚШ Киевга жами тақрибан 40 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган.