АҚШ Давлат департаменти Шимолий Корея ракеталарини сотиб олгани учун Россиядаги учта ширкат ва бир жисмоний шахсга нисбатан санкциялар жорий этди. Улар Шимолий Кореядан баллистик ракеталарни сотиб олиб, Украина урушида қўллаш учун Россия армиясига топширган. Санкциялар тўғрисида давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
Хабарда санкциялар жорий этилган ширкатлар ва жисмоний шахс ҳақида маълумот берилмади.
Блинкен ўз баёнотида “бу ракеталар Россиянинг Украинадаги агрессиясини дастакламоқда, украин халқининг уқубатини кучайтирмоқда ва қуролларни тарқатмаслик бўйича глобал режимни бузмоқда”, деб билдирди.
4 январда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши расмий вакили Жон Кирби Россия Шимолий Кореядан ракеталар сотиб олгани ва улардан камида биттасини 30 декабрда Украинага отгани ҳақида билдирган эди.
10 январда БМТ Хавфсизлик кенгашининг етти аъзо давлати Россия Шимолий Кореядан ракеталар сотиб олгани ва уларни Украинада қўллаганини қоралаган эди. Хавфсизлик кенгаши аъзолари Россияни Шимолий Корея билан ҳарбий-техник ҳамкорликка жорий этилган эмбаргони бузганликда айблаган.
Россия Шимолий Кореядан ракеталар сотиб олганини тан олган эмас.