АҚШ ва Россия бош дипломатлари 20 май куни Рейкявикда учрашади

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров келгуси ҳафта Рейкявикда учрашишади. Бу икки мамлакат ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан кейинги илк учрашуви бўлади. 12 май куни Блинкен ва Лавров телефонда мулоқот қилишган.

Кейинги ҳафтада Исландия пойтахтида Арктика кенгашига аъзо мамлакатларнинг ташқи ишлар вазирлари йиғилади. Россия ТИВ вазирларнинг телефон орқали мулоқотига оид хабарномасида Блинкен ва Лавров 20 май куни мазкур форум доирасида алоҳида, икки томонлама учрашув ўтказиши маълум қилинган. Давлат департаменти хабарномасида эса Лавров билан Блинкен келаси ҳафтада учрашиши билдирилган.

Давлат департаменти қайдича, Лавров билан мулоқоти чоғида Блинкен, Россия томонидан душманона ҳаракатлар содир бўлган тақдирда, АҚШ ўз манфаатларини ҳимоя қилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирган, шунингдек Американинг икки фуқароси — Пол Уилан ва Тревор Ридни озод қилишга чақирган. Бундан ташқари, Шимолий Кореяга нисбатан сиёсат муҳокама қилинган.

Россия ТИВ эса бўлғуси учрашувда Лавров ва Блинкен “икки томонлама алоқалар ва халқаро кун тартибининг муҳим масалалари”ни кўриб чиқишини урғулаган, шунингдек томонлар “Вашингтоннинг Россия-Америка саммитини ташкил қилиш таклифи”ни муҳокама қилишганини эслатган.

Аввалроқ АҚШ президенти Россия раҳбари Владимир Путин билан учрашишни таклиф қилганди. Москва Жо Байден таклифига расман жавоб берганича йўқ. Бир неча кун олдин Байденнинг ўзи учрашув ўтказилишига ишонч билдирган. Икки мамлакат саммити Рейкявик, Вена ва Хелсинки шаҳарларидан бирида, муҳтамалан июнь ойида бўлиши айтилмоқда.

Саммит юзасидан музокаралар, Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари, Алексей Навальнийнинг заҳарланиши ва қамалиши, АҚШга нисбатан ҳакерлик хуружлари ва Россиянинг АҚШдаги сайловларга эҳтимолий аралашуви муносабати билан Москва ҳамда Вашингтон алоқаларида юзага келган таранглик манзарасида олиб борилмоқда.