АҚШга бориш истагидаги ўзбекистонлик алдов қурбони бўлди

Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Учтепа туманида фуқародан фириб йўли билан 20 минг доллар олган шахслар ушланди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизматининг маълум қилишича, тезкор тадбирда фуқаро С.Ғ. фуқаро Д.С.ни гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали АҚШга юбориши ва у ерда иш билан таъминлаши эвазига таниши А.А. орқали 20 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Матбуот Ўзбекистондан АҚШга ноқонуний бориш билан боғлиқ фирибгарликлар ҳақида тез-тез хабар беришига қарамай, бундай ҳолатлар кўп қайд этилмоқда. Масалан, январь ойида Чилонзор туманида ҳам АҚШга ишга юбориш ваъдаси билан фуқародан 40 минг доллар олган шахс ушланганди.

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ҳам Қўшма Штатларга ноқонуний равишда киришга уринаётган Ўзбекистон фуқароларини ушбу ҳаракатдан тийилиб, қонуний йўллардан фойдаланишга ундаб келади.

Озодлик аввалроқ Мексика ва АҚШ чегарасидаги депортация марказида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан кўплаб муҳожирлар сақланаётганига эътибор қаратганди.

Сўнгги йилларда Қўшма Штатлардан ўзбекистонлик ноқонуний муҳожирларни бадарға қилиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябригача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилган.

АҚШда яшаб келаётган яна 975 нафар ўзбекистонлик ноқонуний мигрант сифатида мажбуран чиқариб юборилиши мумкин.