Ақтўбеда “олти мактабга қўйилган бомба”га оид хабар биринчи қўнғироқ маросимига монеълик қилди

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти

Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги олтита мактабда 1 сентябрь куни биринчи қўнғироқ маросими ўтказилмади. Бунга мазкур мактабларга “бомба қўйилгани”га оид хабар сабаб бўлди.

Ақтўбе вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Жўлдас Батирханга кўра, бомба тўғрисидаги хабар 2-мактаб электрон почтасига эрталабки соат 8:30 да йўлланган.

“Мазкур маълумот ёлғон бўлиб чиқди. Натижада бу йил биринчи қўнғироқ маросимида мингдан зиёд биринчи синф ўқувчиси қатнашолгани йўқ”, дея иқтибос келтирган мулозимнинг сўзларидан Озодликнинг қозоқ хизмати.

2-мактаб электрон почтасига жўнатилган хатда яна бешта мактабга (1-, 21-, 22-, 51- ва 56-мактаблар) бомба қўйилгани айтилган. Эрталабки соат 8.30 да бу мактабларда юқори синф ўқувчилари дарс ўтишаётган бўлган. Хабар ортидан ўқитувчилар ва ўқувчилар бинолардан зудлик билан эвакуация қилинган. Ҳозирда ёлғон хабар йўллаган гумонланувчи қидирилмоқда.

Ақтўбе полиция матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳодиса юзасидан мамлакат Жиноят кодексининг 273-моддаси (Террор хуружи ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш) бўйича судгача суриштирув ишлари бошлатилган.

Расмий маълумотларга кўра, бу йил Қозоғистонда 3,6 миллион бола биринчи синфга қадам қўйган, улардан 18 минг нафари Ақтўбе вилоятида яшайди. Янги ўқув йили Қозоғистонда анъанавий таълим шаклида бошланган. Бунгача коронавирус пандемияси туфайли қарийб 1,5 йил давомида мамлакатда ўқувчи ва талабаларнинг кўпи масофавий таълим асосида ўқитилган.