Арманистон Москва аралашувидан сўнг Озарбайжон билан оташкесимга эришилганини эълон қилди

Тоғли Қорабоғдаги арман кучлари масканларидан бири, 2021 йил 6 ноябри

Арманистон Мудофаа вазирлиги 16 ноябрь куни Озарбайжон билан чегарада ўт очишни тўхтатишга келишганини маълум қилди.

“Россия воситачилигида Арманистон чегарасининг шарқий қисмида маҳаллий вақт билан 18:30 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш бўйича битим тузилишига эришилди. Вазият нисбатан барқарорлашди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳам айни мазмунда баёнот бериб, унда вазир Сергей Шойгу ва Озарбайжон ҳамда Арманистон бош ҳарбий идоралари раҳбарлари иштирокида телефон орқали олиб борилган музокаралардан сўнг Килисали тоғи ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилганини билдирган.

Аввалроқ Ереван Озарбайжон билан чегарасида ҳарбий ҳаракатлар қайтадан бошлангани муносабати билан Россиядан ҳарбий ёрдам сўраган. Айни чоғда Арманистон расмийлари КХШТга ҳамда ЕХҲТнинг Минск гуруҳига мурожаат қилиб, “Озарбайжон бўлинмалари арман ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши учун” зарур чораларни кўришга чақирган.

16 ноябрь куни Ереван ва Боку ҳарбий ҳаракатлар бошланишида бир-бирини айблаб чиққан. Озарбайжон расмийлари Арманистон ҳужуми чоғида икки аскари яраланганини билдирган. Ереван эса талафотларни аниқлаштирмоқда, айни пайтгача бир аскар ҳалок бўлгани ва 12 ҳарбий хизматчи асирга олингани маълум.

Икки мамлакат чегарасидаги мазкур тўқнашув 2020 йилги 44 кунлик уруш тугаганидан бери юз берган энг жиддий можаро ўлароқ баҳоланмоқда.