Арманистонда Украинадаги урушга боришни истамаган россиялик қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Арманистоннинг Гюмри шаҳрида Россия ҳарбий полицияси ўз ватанида Украинада жанг қилишдан бош тортган дезертир ўлароқ қидирувга берилмиш россиялик Анатолий Шчетининни қўлга олган.

ОАВ хабарларига кўра, Шчетининни Россия йўллашга ҳозирланмоқдалар. Айни пайтда у Россиянинг 102-ҳарбий базаси ҳудудида тутиб турилибди.

Хельсинки фуқаровий ассамблеяси инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Арманистон бўлими баёнотига мувофиқ, Шчетининнинг ўғирланиши Арманистон қонунларининг бузилиши бўлиб ҳисобланади.

Ҳуқуқ фаоллари россияликнинг Арманистондан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш, уни озод қилиш ҳамда уни қўлга олганларни жавобгарликка тортиш илтимоси билан мамлакат Бош прокуратураси ва ИИВга мурожаат қилишган.

Маҳаллий нашрлар бу Арманистон ҳудудида россиялик фуқароларнинг ўғирланиши билан боғлиқ биринчи нохуш ҳодиса эмаслигини қайд этишмоқда. Ўтган йил охирида Россия армиясидан қочган ва Украина босқинида иштирок этмаслик учун Арманистонга кўчиб ўтган Дмитрий Сетраков қўлга олинганди.

Ўша пайтда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия ҳарбий полицияси хатти-ҳаракатларини ноқонуний деб атаган бўлишига қарамасдан, Сетраков мамлакатдан олиб чиқиб кетилган, унинг кейинги тақдири ҳақида эса ҳеч қандай маълумот йўқ.

Апрель ойи бошида Хельсинки фуқаровий ассамблеяси Арманистонда ўз мамлакатини сиёсий сабабларга кўра тарк этган россияликлар орқасидан кузатув олиб борилаётгани ҳақида маълумот тарқатган. Ҳуқуқ фаолларига кўра, уларга мурожаат қилган россияликлар ўзларини Россия ҳарбий кийимини кийган одамлар “очиқдан-очиқ таъқиб қилаётганлари”дан шикоят қилишган. Озодликнинг арман хизмати қайдича, таъқиб қилувчилар улардан “хонадонларида кимлар яшаётгани ҳақида маълумот олиш”га тиришишган.