Экобошқарма: Асакада кўп йиллик дарахтлар кесилиши юзасидан суриштирув олиб борилмоқда

Иллюстратив сурат

Андижон вилоятининг Асака туманида кўп йиллик дарахт кесиб юборилганига оид мурожаат вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ўрганиляпти. Бу ҳақда бошқарма матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Асакада ўнга яқин дарахт кесиб ташлангани ҳақида 3 февраль куни Кун.уз хабар қилган эди. Нашр кесилган дарахтлар орасида каштан, арча ва элдор қарағайлари бўлганига эътибор қаратган.

Бунинг ортидан бошланган дастлабки суриштирувда андижонлик экологлар мазкур туманнинг Амир Темур МФЙ ҳудудидаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва маҳаллий давлат ҳокимиятининг рухсатномаси берилмаганини аниқлаганлар.

Шунингдек, мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга рухсатнома олиш учун хусусий корхона раҳбарияти томонидан Давлат хизматлари марказига мурожаат қилинмагани қайд этилган.

“Ҳозирда суриштирув ишлари давом этмоқда. Мазкур қонунбузарлик ҳолати натижалари бўйича қўшимча ахборот бериб борилади”, дейилган Андижон вилояти Экология бошқармаси хабарномасида.

Аввалроқ Озодлик Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп дарахтнинг ноқонуний кесилгани, бунинг ортидан шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.