Тошкент-Ўш-Андижон йўлидаги аварияда ҳалок бўлганлар сони 4 кишига етди

Ҳодиса 26 ноябрь куни юз берган эди.

Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида содир бўлган аварияда жабрланганлардан бири касалхонада вафот этди. Бу билан аварияда ҳалок бўлганлар сони 4 кишига етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, ҳозирги пайтда касалхоналарда даволанаётган 33 жабрланувчидан 1 нафари ўта оғир, 5 нафари оғир аҳволда. Беморларнинг 11 нафари РШТЁИМ Андижон филиалида, 16 нафари Асака тумани, 4 нафари Бўстон тумани, 2 нафари Шаҳрихон тумани шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида даволанмоқда.

26 ноябрь куни Тошкент-Ўш-Андижон автомагистралининг 389-390-километрлари оралиғида «Isuzu» автобуси «Howo» юк машинаси билан тўқнашиб кетган эди. Автобус йўловчиларидан уч нафари воқеа жойида ҳалок бўлган, 38 киши эса турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилганди.

Бугунги кунда жароҳатланганлардан 4 нафари касалхоналардан чиқарилган. 33 нафари эса даволанишда давом этмоқда.

Мазкур ҳодиса юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Расмий маълумотларга қараганда, 2022 йилнинг январидан октябригача ўтган ўн ойида 7 минг 636та ЙТҲ содир этилган. Уларда жами 1 931 киши ҳалок бўлди ва 7 174 киши жароҳатланди. Автоаварияларда ҳалок бўлганларнинг 226 нафари ёш бола.

Ўзбекистонда 2021 йил январь-декабрида 6551 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган ва уларда 1682 киши ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Расмийнинг билдиришича, 2021 йилда автоаварияларда 5920 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган. Аварияларнинг деярли 40 фоизи тезликни меъёридан ошириш натижасида юзага келган.