Ироқ пойтахти Бағдод шаҳридаги коронавирусга чалинганлар даволанаётган касалхонада чиққан ёнғинда 82 нафар киши қурбон бўлган.
Associated Press агентлиги хабарига кўра, 25 апрель оқшомида содир бўлган ёнғинга касалхона ходимларининг эътиборсизлиги сабаб бўлган, натижада интенсив терапия палатасида кислород баллони ёрилиб кетган.
“Бунақа масалаларда бепарволик жиноятдир, буни содир этганлар жавобгарликка тортилишлари лозим”, деди мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ берган Ироқ бош вазири Мустафо ал-Қадимий.
Қайд этилишича, айни пайтда касалхона ходимлари қўлга олинган, ҳодиса юзасидан суриштирув бошланган.
Ҳодиса ортидан касалхона жойлашган Ар-Русафа мавзеи соғлиқни сақлаш бошқармаси бош директори ҳамда касалхона раҳбарларидан бир неча киши ишдан олинган.