Баҳор бошидан алимент ундиришнинг янги усули жорий этилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 мартидан ижро ҳужжатлари бўйича алимент мажбуриятларини бажариш қарздорлар томонидан Алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Бу тартибга оид президент фармонида қайд этилишича, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи билан интеграция қилинади.

Бунда Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро ҳужжатлари бўйича ундирувчи (алимент олувчи) номига тегишли банк картаси расмийлаштирилади. Алимент пуллари, шу жумладан қарздорнинг иш ҳақидан ушлаб қолинган пуллар эса ушбу алимент мажбуриятлари бўйича алоҳида банк ҳисобварағи орқали мазкур банк картасига ўтказилади.

Оиласи билан ажрашган айрим эркаклар пандемия важидан ишсиз қолгани боис алимент тўлашга пул топа олмаётганидан шикоят қилганлари ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Маълумотларга кўра, шу кунда Ўзбекистон бўйлаб алимент тўловчилар сони 250 минг нафардан ошган.