МБ: Банк орқали нақд пул айланмаси 360 триллион сўмдан ошди

Ўзбекистонда 2020 йили банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 360 триллион 100 миллиард сўмни ташкил этган, бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 25,4 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк томонидан 20 январь куни эълон қилинган “Нақд пул муомаласи бўйича қисқача шарҳ”да айтилган.

МБ қайдича, ўтган йили банклар кассаларига нақд пул тушумлари 179 триллион 900 миллиард сўмни, чиқим қилинган нақд пуллар эса 180 триллион 200 миллиард сўмни ташкил этган.

Шарҳда коронавирус пандемияси шароитида банклар кассаларига нақд пул тушумларида йилнинг II чорагида сезиларли пасайиш кузатилгани, бу вақтда тушумларнинг I чоракка нисбатан 26 фоизга камайгани, карантин талабларининг юмшатилиши ортидан иқтисодий фаолликнинг ортиши натижасида IV чоракда II чоракка нисбатан 76 фоизга кўпайгани билдирилган.

Марказий банк ҳисоботида муомаладаги нақд пуллар таркибида асосан йирик номиналдаги банкнотлар салмоғининг ошиши ҳисобига банкнотлар умумий сони сезиларли даражада камайганига эътибор қаратган.

Жумладан, 2020 йил давомида муомалага чиқарилган нақд пуллар таркибида уларнинг сўмдаги миқдори бўйича 100 000 сўмлик банкнотлар улуши 12,5 фоиздан 27,3 фоизга етган бўлса, 50 000 сўмликнинг улуши 40,1 фоиздан 38,8 фоизга, 10 000 сўмликнинг улуши 20,3 фоиздан 15,7 фоизга, 5000 сўмлик улуши 22,6 фоиздан 16,1 фоизга, 1000 сўмгача бўлган банкнотлар улуши эса 4,5 фоиздан 2,1 фоизга тушган.