Корхона ва ташкилотларда ўн ойда юз берган бахтсиз ходисаларда 166 ишчи ҳалок бўлди

Шўртангазда 1 июль куни юз берган ёнғинда бир ишчи ҳалок бўлган.

Ўзбекистондаги корхона ва ташкилотларда жорий йилнинг 10 ойида 558 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Мазкур ҳодисалар оқибатида 166 нафар ишчи-ходим ҳалок бўлди, 432 нафари оғир тан жароҳати ва 25 енгил тан жароҳатларини олган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева маълум қилди.

Расмийга кўра, бахтсиз ҳодисаларнинг ҳар бири махсус комиссия томонидан текширилган ва ҳалок бўлганлар ҳамда жароҳатланганларнинг “қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хулосалар қилинган”.

Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида техник хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик оқибатида ишчи-ходимларнинг ўлим ҳолатлари қайд этилаётгани тўғрисида Озодлик қатор хабарларни эълон қилган.

Масалан, 17 ноябрь куни Самарқанд вилояти Пастдарғом тумандаги “Агрокимё таъминот сервис” МЧЖга киришда ўрнатилган металл контейнердан икки нафар ишчининг номаълум моддадан заҳарланиб ўлган жасади топилган.

Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида 16 ноябрь куни сув қувурлари ётқизиш учун қазилган ҳудудда тупроқ ўпирилиши оқибатида икки ишчи ҳалок бўлди.