Байден Зеленскийга: “Сизга оид қарорларни сизсиз қабул қилмаймиз”

АҚШ президенти Жо Байден

Президент Жо Байден АҚШ Украинани унинг чегараларида Россия ҳарбий қудрати ортаётгани манзарасида дастаклашига ишонтирди.

“Байден Қўшма Штатларнинг Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини тасдиқлади”, дея баёнот берди Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Украина президенти Владимир Зеленский Украина теварагидаги вазиятни 2 январь куни телефон орқали мулоқот чоғида муҳокама қилишган.

“Президент Байден АҚШ ва унинг иттифоқчилари “биз сизга оид қарорларни сизсиз қабул қилмаймиз” тамойилига риоя қилиш мажбуриятини олганини урғулади”, дейилган Оқ уй хабарномасида.

Аввалроқ АҚШ ва унинг Ғарбий ҳамкорлари Россиянинг хавфсизлик кафолатларига доир таклифларига изоҳ беришаркан, бевосита дахлдор мамлакатлар билан маслаҳатлашмасдан қарор қабул қилмоқчи эмасликларини билдиришган.

Байден билан мулоқотдан сўнг Зеленский “Украина АҚШнинг барқарор дастагини қадрлаши”ни айтган. Унга кўра, икки президент “Европада тинчликни сақлаш, можаро ривожланишининг олдини олиш, Украинадаги ислоҳотлар, олигархларга қарши кураш масалаларида ҳамкорликни давом эттиришни муҳокама қилган”.

Бу Байден ва Зеленский ўртасидаги сўнгги уч ҳафтада бўлиб ўтган иккинчи телефон орқали мулоқотдир. Оқ уй Украина чегарасида Россия ҳарбий қудрати ортаётгани муаммосига ечим топишга уринмоқда.

30 декабрь куни Байден Россия президенти Владимир Путин билан сўзлашган, Россия Украинага бостириб киргудек бўлса, АҚШ ва иттифоқчилари унга нисбатан жуда қаттиқ санкциялар қўллаши ҳақида Путинни огоҳлантирган.