Қирғизистон Туркиядан учувчисиз бошқариладиган “Байрактар” дронини сотиб олди

Қирғизистон сотиб олган "Байрактар" дрони.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Туркиядан сотиб олинган учувчисиз бошқариладиган “Байрактар” дрони 18 декабрь куни Миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизматига топширилди.

Расмий хабарда айтилишича, “Байрактар” дрони давлат бюджети ҳисобидан сотиб олинган. Мазкур дрон сотиб олиниши тўғрисида ҳукумат 21 октябрь куни билдирган эди.

Қирғизистон ҳукумати армияни тянги ҳарбий техника билан таъминлаш учун юз миллион доллар қўшимча маблағ ажратган.

Қирғизистон “Байрактар”дан ташқари Россиядан ҳам учувчисиз бошқариладиган самолётлар сотиб олинишини билдирган.

Бунга қадар Марказий Осиёда “Байрактар” фақат Туркманистонда бор эди. Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган парадда туркман ҳарбийлари дронлардан иккитасини кўрсатишганди.

“Байрактар” 2020 йил кузда Тоғли Қорабоғда бўлган урушда Озарбайжоннинг ғалабасини таъминлаган асосий қуроллардан бири сифатида кўрилади.