Ўзбекистон байроғи акс этган тасмани таққани учун ушланган йигитга иш қўзғатилмайдиган бўлди

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеодан олинган скриншот

Қашқадарёнинг Қамаши туманида Ўзбекистон байроғи рангидаги тасмани тақиб юрган йигитга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги қарор Бош прокуратура аралашувидан сўнг бекор қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура 7 май куни маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда 5 май куни Қамаши туманида ички ишлар ходимлари Ўзбекистон байроғи рангидаги “Битирувчи” деган ёзувли тасма таққан йигит қўлга олингани тўғрисидаги видеолар пайдо бўлган эди. Вилоят ИИБнинг билдиришича, йигит тасмани ечишдан бош тортган ва унинг иши туман судига юборилган эди.

Бу хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди ва фойдаланувчиларнинг кўпчилигида норозилик пайдо қилди. Тармоқ фойдаланувчиларидан айримлари эса Ўзбекистон байроғини елкасига илиб, кўчага чиқишди.


Маълум қилинишича, Ўзбекистон байроғидан фақат давлат органлари ва дипломатик ваколатхоналар биноларида, ҳарбий қисмларда, чегара постларида, спорт майдончаларида, байрам ва тантаналарда, шунингдек, байрамларда асосий кўчаларда фойдаланишга рухсат берилади.