RFE/RL беларусь журналисти Кузнечикни қамоқдан озод қилишга чақирди

Андрей Кузнечик.

Озод Европа-Озодлик (RFE/RL) радиоси президенти Жейми Флай радионинг қамоқда сақланаётган беларусь хизмати мухбири Андрей Кузнечик саломатлигидан ташвиш билдирди ва Минскни уни қамоқдан озод қилишга чақирди.

Кузнечик Беларусь махсус хизматлари ходимлари томонидан 27 ноябрь куни қамоққа олинган эди. Суд унга икки марта 10 кунлик маъмурий қамоқ жазоси белгилаган. Мазкур муддат якунланганига қарамай, Кузнечик ҳамон қамоқда сақланмоқда.

«Бизга маълум бўлишича, Беларусь ҳукумати уни қамоқда гаров сифатида ушлаб турибди. Андрей зудликда оила аъзолари олдига қайтарилиши шарт. Журналистика жиноят эмас»,-дейилади Жейми Флай баёнотида.

Александр Лукашенко президент сифатида авторитар сиёсат юргизаётган Беларусда RFE/RL мухбирлари ва операторлари қаттиқ босим остида қолмоқда.

3 декабрь куни Беларусь суди Озод Европа-Озодлик радиоси беларусь хизматининг YouTube ва Telegram тармоқларидаги фаолиятини экстремистик деб топган.

14 декабрь куни эса Гомел шаҳар суди ҳукми билан Озодлик радиоси беларусь хизмати маслаҳатчиси Игорь Лосик 15 йилга қамалди.