Беларусь Ўзбекистонга экспорт қилинаётган қорамол гўшти нархини кўтарди. Бунга оид маълумотлар Беларусь Миллий ҳуқуқий порталида келтирилган.
Минск жорий йилнинг 2 декабридан эътиборан Ўзбекистонга ёш мол гўштининг 1 килограмми камида 4,4 АҚШ долларидан, қари мол гўштининг 1 килограмми эса камида 4,2 долларидан нарх белгилаган.
Беларусь охирги йилларда Ўзбекистонга гўшт етказиб берувчи мамлакатлар ўртасида пешқадам бўлиб келган. Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган йили Беларусь Ўзбекистонга 21,5 минг тонна (импорт қилинган жами гўштнинг қарийб 68 фоизи) гўшт етказиб бериб, импортёрлар орасида биринчи ўринни эгаллаган.
Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери Беларусдан Ўзбекистонга қанча гўшт етказиб берилганига оид статистик маълумотлар ҳали очиқланганича йўқ.