Беларусь ва Польша орқали Германияга 11 минг ноқонуний мигрант ўтди

Беларусь-Польша чегарасидаги мигрантлар.

Германия федерал полицияси жорий йилда Беларусь ва Польша орқали мамлакатга 11 минг мигрант ноқонуний ўтгани аниқлангани тўғрисида маълум қилди.

Расман билдирилишича, мигрантларнинг 95 фоизи август-ноябрь ойлари оралиғида Германияга ноқонуний кириб келган. Қолган 5 фоизи эса декабрь ойида Германия чегарасидан ўтган.

Беларусь-Польша чегарасида Яқин Шарқ мамлакатларидан келган минглаб мигрантлар мавжуд. 8 ноябрдан бери улар чегарани ёриб ўтишга бир неча бор уринишган. Польша ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари мигрантлар Беларусь расмийлари назоратида ҳаракат қилаётганини бир неча марта таъкидлаган.

Минск мигрантларнинг ЕИ чегарасида тўпланишида қўли борлигини инкор этиб келади. Аввалроқ Александр Лукашенко унинг мамлакати шу пайтга қадар ноқонуний мигрантлар ва гиёҳванд моддаларнинг Литвага киришига тўсиқ бўлганини урғулаган ва “мана энди уларни ўзларингиз тутиб олаверинг”, деган эди.

Бунинг ортидан Польша президенти Беларусь билан чегарада фавқулодда вазият эълон қилганди.