Беларусь ва ЕИ “Шарқий ҳамкорлик” лойиҳасида иштирокини тўхтатишди

Беларусь ташқи ишлар вазири Владимир Макей ўз мамлакати "Шарқий ҳамкорлик"дан чиқиши мумкинлигини шу йилнинг 26 майидаёқ билдирганди

Беларусь Европа Иттифоқининг “Шарқий ҳамкорлик” ташаббусидаги иштирокини тўхтатишга қарор қилди. Беларусь Ташқи ишлар вазирлиги ЕИнинг янги санкциялари амалда бўлиб турган шароитда давлат Ҳамкорликдаги иштирокига оид шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигини билдирди.

Александр Лукашенко режими Европа Иттифоқидаги ўз вакилини чақиртириб олган ва ЕИ вакилига Беларусни тарк этишни таклиф қилган.

Беларусь расмийлари Минскка нисбатан чеклов чораларини киритишни ёқлаган ЕИ мулозимларига мамлакат ҳудудига киришни тақиқлаб қўйган.

ЕИнинг Лукашенко режимига қарши янги санкциялари шу йил 24 июнидан кучга кирган. Уларга мувофиқ, Беларусдан нефть маҳсулотлари ва калий ўғитларини олиб чиқиш ман қилинган. Брюссель ЕИдаги жисмоний ва юридик шахсларга Беларусга сигарет ва бошқа тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган маҳсулотларни сотиш ва етказиб беришни тақиқлаб қўйган.

ЕИ беларуслик мижозларнинг Европадаги суғурта ва капитал бозорларидан фойдаланишига ҳам чеклов жорий этган.

Европа Кенгаши ЕИ янги санкцияларни Беларусда инсон ҳақларини жиддий бузиш ҳолатлари кўпайганига қарши киритганини билдирган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Беларусга нисбатан якка тартибдаги санкцияларнинг тўртинчи пакетини жорий қилганди.