Беларусда Current Time телеканали сайти блоклаб қўйилди

Иллюстратив сурат

Беларусь ахборот вазирлиги мамлакат ҳудудида Current Time ( ёки “Настояшчее время”) телеканали сайтига киришни чеклаб қўйди. 28 октябрь куни ByFly провайдеридан фойдаланувчи ўқувчилар сайт очилмаётганини маълум қилишган, кейинроқ эса сайтни очаётганда мазкур ахборот ресурсига кириш Беларусь ахборот вазирлиги қарорига биноан чеклангани ҳақида хабар пайдо бўла бошлаган.

Current Time ушбу маълумотни тасдиқлаш ва блок қўйиш сабабларини очиқлашни сўраб ByFly (“Белтелеком” РУК) провайдерига сўров жўнатган.

Беларусь аҳолиси Current Time мақола ва мультимедиа дастурларини VPN орқали, шунингдек “Телеграм” ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўқиши ва томоша қилиши мумкин.

Мамлакатда, шунингдек, “Deutsche Welle” радиоси ва “Нови час” газетаси сайтлари ҳам ёпиб қўйилган.

Current Time Озодлик радиоси томонидан “Америка овози” иштирокида ташкил қилинган телеканал бўлиб, муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни, жумладан, Беларусдаги норозилик ҳаракатини фаол ёритади.

2021 йил июлида телеканалнинг Беларусдаги мухбири Роман Васюкевич мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлган. 6 июль куни уни аккредитациясиз фаолият олиб боргани учун 870 рубль (343 доллар) миқдорида жаримага тортганлар. Апрелда эса у журналистлар Игорь Ильяш ҳамда Катерина Андреева қаламига мансуб “Беларусь Донбасси” китобини олиб юргани учун 580 беларусь рубли (220 доллар) миқдорда жарима тўлаган.

Васюкевич ҳозирда фаолиятини Киев шаҳрида туриб давом эттирмоқда.