Беларусда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тожик мухолифати фаолларидан бири Низомиддин Насриддинов қўлга олинган. Беларуслик ҳуқуқ фаоллари Насриддинов қийноқларга тутилиши мумкин бўлган Тожикистонга депортация қилиниши мумкинлигини айтишмоқда.
Human Constanta инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакиласи Энира Броницкая 14 март куни Озодликнинг тожик хизматига Низомиддин Насриддинов шу йилнинг 8 январь куни Беларусь чегарасидан ўтаётган пайтда ушланганини маълум қилган. Тожикистон расмийлари талабномаси асосида қўлга олингани айтилаётган мухолифатчи ўшандан буён Гродно шаҳридаги тергов ҳибсхонасида тутиб турилибди.
Броницкаяга кўра, Беларусь Бош прокуратураси 21 февраль куни Тожикистон Бош прокуратураси сўровини қаноатлантириб, Насриддиновни ватанига экстрадиция қилиш ҳақида қарор қабул қилган.
Низомиддин Насриддинов 2015 йил октябридан бери Германияда истиқомат қилиб келаётган эди. ГФР расмийлари унга ва оила аъзоларига сиёсий бошпана берган. ЕХҲТнинг 2017 йили Варшавада ўтказилган йиғилишида у ўзини Тожикистонда тақиқланган “24 гуруҳи” аъзоси ўлароқ таништирган. Мазкур ҳаракатнинг расмий вакилларидан бири Озодликнинг тожик хизматига Насриддинов 2018 йилдан буён “24 гуруҳи”нинг аъзоси бўлиб ҳисобланмаслигини билдирган.
Тожикистон расмийлари Насриддиновнинг қўлга олиниши юзасидан ҳозирча бирор изоҳ берганларича йўқ. Энира Броницкая маълумотига кўра, Тожикистонда Низомиддин Насриддиновга қарши “Экстремистик фаолиятни амалга оширишга очиқдан-очиқ чақириш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бу жиноят учун Тожикистонда уч йилдан беш йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
“Жиноят иши қачон очилгани бизга маълум эмас, бу ҳақда бизда маълумот йўқ”, деган Броницкая тожикистонлик мухолифатчи 2016 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Фейсбукдаги ўз саҳифасида Тожикистонда фаолияти тақиқланган “24 гуруҳи” ва Тожикистон Ислом уйғониш партиясига оид материалларни тарқатганликда ҳамда 2017 йил биринчи ярмида Ютуб видеопортали орқали мамлакат президенти ва ҳукуматига қарши чиқиш видеосини ёйинлаганликда айбланаётганини қўшимча қилган.
Ҳуқуқ фаоли қайдича, Беларусь Бош прокуратураси экстрадиция ҳақида қарор қабул қилишда Насриддиновнинг Германияда халқаро ҳимоя остида эканини, Тожикистонда эса уни қийноқ ва адолатсиз судлов кутаётган бўлиши мумкинлигини инобатга олмаган.
“Шунингдек, аввалроқ Насриддиновнинг яқинлари Тожикистонга мажбуран қайтарилиб, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинганлари эътиборга олинган эмас. Бу ҳақда Насриддиновнинг ўзи Бош прокуратура терговчиларига айтиб берган”, деган Броницкая.
Низомиддин Насриддинов Беларусь Бош прокуратураси қарори юзасидан судга шикоят аризаси киритган. Мазкур ариза март ойи охирида Гродно вилояти суди томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Ҳуқуқ фаоллари бу сафар Германия расмийлари томонидан Насриддиновга сиёсий бошпана берилгани суд томонидан ҳисобга олинишига умид қилмоқдалар.