Беларусга қайтишни истамаган спортчи Кристина Тимановская ўз медалини кимошди савдосига қўйди

Кристина Тимановская

Беларусь спорт мулозимларини танқид қилганидан сўнг Олимпиада ўйинларидан четлатилган ва истагига зид равишда Токиодан жўнатиб юборилишига бир баҳя қолган енгил атлетикачи Кристина Тимановская 2019 йили Минскдаги Европа ўйинларида олган кумуш медалини eBay аукционига қўйди. Айни пайтда лот 5 минг доллардан зиёдроққа баҳоланмоқда.

Медаль сотилишидан тушган барча пуллар Лукашенко режимига мухолиф кайфиятдаги беларуслик спортчиларни дастакловчи Беларусь спорт бирдамлиги жамғармаси ҳисобига ўтказилади.

1 август куни Беларусь спорт мулозимлари Тимановскаяни Олимпия ўйинларидан четлатиб, ундан мамлакатга қайтишни талаб қилишгани маълум бўлган эди. Бироқ спортчи Токио аэропортида полицияга уни куч билан олиб чиқиб кетишаётганини айтиб, улардан ёрдам сўраган.

Шундан сўнг у ватанида таъқиб этишлари мумкинлигидан ташвишланиб, чет элдан сиёсий бошпана сўраш ниятида эканини айтган.

Воқеадан жамоатчилик хабар топгач, Тимановская Токиода қолишга муваффақ бўлган. Польша унга гуманитар виза берган ва спортчи 4 август куни Варшавага етиб борган.

Халқаро Олимпия қўмитаси Тимановская иши бўйича суриштирув бошлаган. Беларусь Миллий Олимпия қўмитаси Тимановская унинг руҳий-эмоционал аҳволи важидан мусобақаларга қўйилмаганини иддао қилган.

Пировардида ХОҚ Беларусь терма жамоасининг енгил атлетика бўйича бош мураббийи Юрий Моисеевич ҳамда жамоа вакили Артур Шимакни Тимановскаяни Токиодан бадарға қилишга уринишга алоқадор деб топиб, уларни Токио Олимпиадаси аккредитациясидан маҳрум этган.