Тожикистонда Германия пойтахти Берлинда намойиш ўтказган ва президент Эмомали Раҳмоннинг кортежига тухум отган мухолифатчиларнинг қариндошларини оммаввий тарзда ҳибсга олиш давом этмоқда.
Озодлик радиоси тожик хизмати Озодига бу ҳақда маълум қилган фаолларга кўра, қариндошлари оила аъзолари билан биргаликда маҳаллий полиция ва хавфсизлик хизмати изоляторларига жойлаштирилмоқда. Жумладан, хорижда яшовчи мухолифатчи Шохражаб Шохим оила аъзолари Панжикент шаҳар милициясига олиб кетилганини айтган.
"Тожик ҳукуматига савол: ота-онамнинг гуноҳи нимада? Опаларим қандай жиноят қилди? Нега уларни обориб тиқиб қўйдиларинг? Қариндошларим уч кундан бери Панжикентнинг изоляторида сақланмоқда", деган у Озоди радиоси берган интервьюсида.
Аввалроқ тожик мухолифатининг хориждаги вакили Шарофиддин Гадоевнинг 72 ёшли онаси, Фарход Одинаевнинг жияни, Дилшод Шарифовнинг қария отаси ва олти нафар бошқа оила аъзолари, Бехруз Тагойзоданинг отаси ва намойишда иштирок этган бошқа фаолларнинг қариндошлари маҳаллий милиция бошқармасига олиб кетилгани хабар қилинган эди. Уларнинг баъзилари қўйиб юборилган, аксарияти ҳақида ҳамон ҳеч қандай хабар йўқ.
Эмомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари президентлари қаторида Германия президенти билан янги «5+1» форматида учрашиш учун 28-30 сентябрь куни Берлинда бўлиб турган эди.
29 сентябрда мухолиф Миллий Альянс ва “Гуруҳ 24” ҳаракатларининг 30 нафарга яқин аъзоси Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси олдида норозилик намойишини ўтказган ва президент кортежига тухум отган эди.
Тожик мухолифати президент Имомали Раҳмонни яккаҳокимликда, барча лавозим ва бойликларни ўз қариндошлари орасида тақсимлашда, ўзгача фикрга тоқатсизликда ҳамда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айблайди.
Human Rights Watch (HRW) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайерни Марказий Осиё мамлакатлари лидерлари билан учрашувда инсон ҳуқуқлари мавзусини кўтаришга чақирган.
Берлинда Имомали Раҳмон кортежига тухум отган мухолифатчиларнинг Тожикистондаги қариндошлари ҳибсга олинмоқда
Берлинда 29 сентябрь куни 30 га яқин мухолифатчи намойиш уюштирган эди.