Берлинда Ливиядаги вазиятга бағишланган иккинчи конференция иш бошлади

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Ливиядаги вазиятга бағишлаб Берлинда ўтказилаётган конференцияда, Берлин, 2021 йил 23 июни

Ливиянинг ўтиш даври ҳукумати яна жорий йилнинг 24 декабрида умумхалқ сайловлари ўтказмоқчи экани ҳақида маълум қилди. Мазкур баёнот 23 июнь куни Германия пойтахтида очилган конференцияда эълон қилинган.

АР агентлиги қайдича, конференциянинг Берлинда ўтказилиши Германиянинг Ливия муаммоси бўйича позициясини эслатиб туради: ушбу мамлакат Ливиядан чет давлатларга қарашли барча қўшинларнинг олиб чиқиб кетилишига эришмоқчи.

Конференцияда Ливияда ўз манфаатларига эга 17 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида Ливия ўтиш даври ҳукумати вазирларидан ташқари, Миср, Туркия, Тунис, Жазоир, Германия, Франция ва Италия ТИВ раҳбарлари, АҚШ Давлат котиби Блинкен, Россия, БАА ва бошқа мамлакатларнинг юқори мартабали вакиллари бор.

Мазкур учрашувда 2020 йил январида Берлинда бошланган муҳокамалар давом эттирилди. Ўшанда Ливияда фуқаролар урушини олиб бораётган иккала томонга нисбатан қурол-аслаҳа эмбаргосини татбиқ этиш ва уларнинг ўт очишни тўхтатишига эришиш юзасидан келишув битими имзоланишига муваффақ бўлинганди.

Германия ташқи ишлар вазири Хейко Маас ушбу конференция тинчлик ўрнатиш йўлларини излашда янги босқич эканини, зеро унинг қатнашчилари Ливия ҳақида эмас, балки Ливия билан мулоқот қилишаётганини урғулади.

Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим Ливиядан барча хорижий қуролли отрядлар олиб чиқиб кетилишини назарда тутади. Мазкур ҳужжат туфайли 2022 йилнинг декабрида мамлакатда сайлов ўтказиш ҳақида битим имзоланишига эришилган. Шунингдек, Ливиянинг ўтиш даври ҳукумати тузилиб, жорий йилнинг февралидан ўз фаолиятини бошлаган.

Ливия ташқи ишлар вазири Наиля Мангушга кўра, Ливиядаги урушга жиддий аралашган Россия ва Туркия ўз қўшинларини мамлакатдан босқичма-босқич олиб чиқиб кетиши лозим ва “токи охирги ажнабий аскар Ливияни тарк этмагунича ҳукумат хотиржам бўла олмайди”.

Навбатдаги қадам эса, вазирнинг сўзларига кўра, Ливиядаги барча қуролли гуруҳларни ягона қўмондонлик қўл остига бирлаштириш бўлади.