Биринчи ярим йилликда Хитой ва Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари бўлди

Жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси бўйича ҳамкорлари орасида Хитой ва Россия пешқадамлик қилишган.

Давлат статистика қўмитаси ҳисоботига кўра, 2021 йил январь-июнь ойларида Ўзбекистонга Хитойдан умумий қиймати 2 миллиард 256 миллион 500 минг АҚШ долларига тенг товар ва хизматлар импорт қилинган, экспорт ҳажми эса 1 миллиард 29 миллион 700 минг АҚШ долларини ташкил этган.

Бу давр мобайнида Россиядан Ўзбекистонга 2 миллиард 215 миллион 700 минг долларлик товар ва хизмат импорт қилинган, айни пайтда экспорт ҳажми бундан қарийб 2,7 баробарга кам (838 миллион АҚШ доллари) бўлган.

Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида учинчи ўринда Қозоғистон бормоқда. Ён қўшни бўлган бу мамлакат ҳам Ўзбекистонга сотиб олганидан қарийб 2,5 баробар кўп товар ва хизмат сотган (экспорт – 557 миллион 400 минг доллар, импорт – 1 миллиард 312 миллион доллар).

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида Туркия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Афғонистон, Германия, Туркманистон ва бошқа мамлакатларни санаш мумкин.

Давстатқўм ҳисоботига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси (ТСА) 18 миллиард 12 миллион 800 минг долларга тенг бўлган. Бунинг 7 миллиард 55 миллион 500 минг доллари экспорт ҳиссасига, 10 миллиард 957 миллион 400 минг доллари эса импорт ҳиссасига тўғри келган, натижада салбий сальдо 3 миллиард 901 миллион 900 минг долларни ташкил этган.