Бишкек иссиқлик марказида 2 февралга ўтар кечаси авария содир бўлгани туфайли шаҳар аҳолисига иссиқ сув бериш тўлалигича тўхтатилган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан тунги соат 3 да содир бўлган авария ортидан шаҳардаги бир неча мавзе иссиқлик таъминотисиз қолган.
“Бишкек иссиқлик тармоғи” корхонаси директор ўринбосари Шаршенбек Сарикеевга кўра, шаҳардаги 9 та микротуманга (60 мингга яқин квартирага) лозим бўлган босимда иссиқлик берилмаяпти.
Иссиқлик марказидаги авария оқибатида беш киши тан жароҳати олган. Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Медербек Исмаилов жабрланувчилардан икки нафарининг аҳволи оғирлиги, яна бир кишининг аҳволи ўртача эканини маълум қилган. Жабрланувчилардан яна икки нафари касалхонага ётишдан бош тортиб, амбулатор муолажа олишган.
Маҳаллий нашрлар Бишкек иссиқлик марказидаги портлаш акс этгани айтилаётган видеони ёйинлашган.
Авария туфайли иссиқлик марказида фавқулодда вазият тартиби эълон қилинган.
Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазири Бообек Ажикеевга кўра, ҳозирда авария сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
“Иккита тахмин кўриб чиқилмоқда. МХДҚ раҳбари Қамчибек Қидиршаевич топшириғига кўра, диверсия эҳтимолига оид тахмин ҳам кўриб чиқиляпти. Чунки тунги соат 03:00 да аввал бир неча портлаш овози этишилган. Шунингдек, техноген сабабни ҳам назардан соқит қилаётганимиз йўқ”, деган ФВВ раҳбари.
Ажикеевга кўра, агар бу техноген авария бўлса, бунга тасодиф сабаб бўлганми ёки кимнингдир йўл қўйган камчилигими - шуни аниқлаш керак.
Вазирга кўра, таъмир ишлари қўшиб ҳисоблаганида иссиқлик таъминотини тиклашга 5 кундан 7 кунгача вақт кетиши мумкин. Мулозим Бишкек иссиқлик марказидаги авария билан боғлиқ вазият президент, Вазирлар маҳкамаси раҳбари ва МХДҚ раиси назорати остида турганини урғулаган.
Аввалроқ энергетика вазири ўринбосари Насипбек Керимов Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Бишкек иссиқлик марказидаги иссиқлик таъминоти тизими фаолияти “тахминан 2-3 кун ичида” қайта тикланишини билдирган. Керимов, дастлабки маълумотларга кўра, авария марказ иссиқлик агрегатининг 14-қозонида содир бўлганини қўшимча қилган.
Авария ортидан Қирғизистон пойтахтидаги барча мактаблар онлайн ўқув тизимига ўтишган, боғчалар эса вақтинча фаолиятини тўхтатишган.