Бишкек ўз фуқароларининг Россия аэропортларида узоқ вақт текширувдан ўтказилаётганидан ташвишда

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев (ў) Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов (ч) билан, Бишкек, 2024 йил 29 июли

Қирғизистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Алмаз Имангазиев Россиянинг Қирғизистондаги элчиси Сергей Вакунов билан бўлиб ўтган учрашувда қирғизистонликлар РФ ҳудудига киритилмаётгани ва аэропортларда узоқ текширувлардан ўтказилаётганидан хавотир изҳор қилган. Бу ҳақда 29 июль куни Қирғизистон ТИВ матбуот хизмати маълум қилди.

ТИВ қайдича, Имангазиев бу ҳақда Қирғизистон фуқароларининг Россия ҳудудига кириши ва бу мамлакат ҳудудида юришига оид масалалар муҳокамаси чоғида билдирган. Айни пайтда Имангазиев “Қирғизистон томони Россия расмийлари томонидан мамлакатда хавфсизликни таъминлашга қаратилган чоралар кўрилишини тушуниш билан қабул қилиши”ни урғулаган.

ТИВ хабарномасида айтилишича, ўз навбатида Вакунов икки томонлама кун тартибининг барча мавзулари бўйича ҳамкорликда ишлашга ҳозирлигини билдирган.

Россияда мигрантларга қарши текширувлар шу йил март ойида Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл” савдо марказида содир бўлган террор хуружи ортидан кучайиб кетган. Бундан ташқари, сўнгги бир неча ой ичида Россия расмийлари мигрантларга нисбатан қонунчиликни кучайтиришга қаратилган бир неча қонун лойиҳасини қабул қилишган. Масалан, ўтган ҳафтада Россия Давлат думаси полицияга хорижлик фуқароларни депортация қилиш ваколатини берган қонун лойиҳасини қабул қилган. Бунгача мигрантлар мамлакатда фақат суд ёки Чегара хизмати қарори билангина чиқариб юборилар эди.

Бу орада, Росстат маълумотларига кўра, бу йил Россияга мигрантлар келиши сўнгги ўн йил ичида энг паст даражага тушган. Ташкилот қайдича, 2023 йил якунларига кўра мамлакатга ишлаш учун хориждан 560 минг киши келган. Бу урушнинг илк йилидаги кўрсаткичга қараганда 23 фоизга камдир – 2022 йилда Россияга 730 минг мигрант ишлаш учун борган.

Қирғизистон ТИВ маълумотига кўра, 2024 йилда Россиядаги қирғизистонликлар сони 411 минг кишидан сал кўпроқни ташкил этган, қирғизистонликлар энг кўп ишлайдиган мамлакатлар қаторида эса Россия, Қозоғистон, Туркия, АҚШ ва Жанубий Корея кабилар саналган.