Бишкекда Россия элчихонаси биноси олдида пикет ўтказмоқчи бўлган фаол жаримага тортилди

Қирғизистонлик фаол Ондуруш Токтонасировнинг (кадр ўртасида) Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганига қарши акцияда қўлга олиниши, Бишкек, 2022 йил апрели (архив сурати)

Қирғизистон пойтахтида маҳаллий фаол Ондуруш Токтонасиров “тинч йиғилишлар ўтказиш тартибини бузгани учун” 3 минг сўм (тақрибан 35 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига фаолнинг ўзи маълум қилган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари Токтонасировни Россия президенти Владимир Путиннинг Қирғизистонга ташрифига қарши пикет ўтказиш учун Россиянинг Бишкекдаги элчихонаси биноси олдига кетаётган пайтда қўлга олган.

Фаол Озодликка судга мурожаат қилиш ниятида эканини, чунки ўзига солинган жаримани асоссиз деб билишини айтган.

Токтонасиров Россиянинг Украинага босқинига қарши фаол позицияси билан танилган. Аввалроқ у Россия элчихонаси олдида бир неча марта акция ўтказган.

Владимир Путин Бишкекка 9 декабрь тонгида етиб келган. Бу Путиннинг Россия қўшинлари Украинага бостириб кирганидан бери Қирғизистонга илк сафари бўлиб ҳисобланади.

Бугун Бишкекда Евросиё иқтисодий иттифоқи Олий кенгашининг мажлиси бўлиб ўтмоқда. Путиндан ташқари Қирғизистон пойтахтига Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь лидери Александр Лукашенко келишган. Ташкилотда кузатувчи мақомига эга Ўзбекистонни эса бош вазир Абдулла Арипов тамсил этмоқда.

Қирғизистон президенти маъмурияти маълумотига кўра, ташкилотга аъзо давлатларнинг раҳбарлари саммитда жорий иқтисодий вазият ва интеграция масалаларини муҳокама қилишни режаланганлар.