БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи минтақаси бўйича махсус резолюция қабул қилди

БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинган.

ТИВ ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур резолюцияга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган.

БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюция Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади, минтақа табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини бундан буён ҳам рағбатлантиради, Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлайди ҳамда барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.

БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилгани айтилмоқда.

Ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга ҳам хизмат қилади.